Congue iure curabitur incididunt consequat

МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

2017 йил 30 июнь куни Миллий Матбуот марказида "Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси томонидан оммавий ахборот воситалари учун "Жаҳон бозорида ўзбек пахта саноати нуфузини янада ошириш борасида Холдинг компания томонидан амалга оширилаётган ишлар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
Жорий йилнинг 28 июнь куни "Пахта бўйича Халқаро консультатив қўмитанинг 76-ялпи мажлиси ва XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши эълон қилинди.
Фармойишга мувофиқ, «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда пахта бўйича Халқаро консультатив қўмита (ПХКҚ) котибияти билан ҳамкорликда 2017 йил 23-27 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ПХКҚнинг "Глобаллашув ва технологик тараққиёт даврида пахта” мавзусидаги 76-ялпи мажлиси ва XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказишга тайёргарликни бошлаб юборди.  
Ана шундай дунё миқёсидаги кенг қамровли тадбирнинг Ўзбекистон Республикасида ўтказилиши мамлакатимизнинг жаҳон пахта ва тўқимачилик аренасидаги юксак мавқеидан, унинг пахта ва тўқимачилик саноати тенденциялари ва истиқболларини белгилаб берувчи, жаҳонда тола, йигирилган ип ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари билан савдо қилиш қоида ва тартибларини шакллантиришга таъсир кўрсатувчи дунё пахта марказларидан бирига айланиб бораётганидан дарак беради.
Пахта ва тўқимачилик соҳаларида катта аҳамиятга эга бўлган ана шундай муҳим халқаро тадбирларнинг ҳамкорликда ўтказилиши битта майдончада турли мамлакатларнинг пахта ва тўқимачилик соҳаси мутахассислари, фан вакиллари, ишлаб чиқарувчилар, трейдерлар ва истеъмолчилар ўртасида очиқ мулоқот ва тажриба алмашиш учун ўзига хос имконият яратиб беради, пахта толаси ва тўқимачилик бозори истиқболлари ҳамда ривожланиш тенденцияларини чуқур таҳлил қилиш, бўлғуси ҳамкорлар ва инвесторларнинг мулоқот майдончасига айланади.
Юқорида қайд этиб ўтилган йиғилиш ва ярмарка ишида дунёнинг 44 дан ортиқ мамлакатидан 1500 га яқин хорижий меҳмон ҳамда маҳаллий мутахассисларнинг иштирок этиши кутилмоқда. Маълум бир мамлакатларда пахта ва тўқимачилик соҳаси ривожланиши, жаҳон пахта бозори тенденциялари, савдо, логистика ва суғурта масалаларига бағишланган 16 га яқин очиқ ва мавзули сессиялар ўтказилиши назарда тутилган. Пахтанинг селекцион навларини яратишнинг генетикаси ва биотехнологияси, пахта етиштириш агротехникаси, уни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш масалалари ҳам кенг муҳокама этилади. Пахтага бирламчи ишлов бериш, пахта толаси сифатини инструментал баҳолаш, уни тўқимачилик йўли билан қайта ишлаш соҳаларидаги муаммо ва ютуқларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.  
Хорижлик экспертлар, амалиётчи мутахассислар, таҳлилчилар, маркетологлар ва олимлар билан бирга йиғилишларда маҳаллий илмий тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларининг ёш олимлари ва талабалари ҳам иштирок этишлари назарда тутилган. Бу орқали улар нафақат халқаро форумларда иштирок этиш кўникмасига эга бўлишади, балки пахта ва тўқимачилик соҳалари ривожининг турли жиҳатлари ҳақида бой ва долзарб маълумотларни ҳам олишади. Анъанага кўра, Ялпи мажлис доирасида "Йил олими” халқаро мукофоти ҳам топширилади. Маълумки, 2013 йилда мазкур нуфузли мукофотга ўзбекистонлик селекционер олим, «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК иштирокида ташкил этилган геномика ва биоинформатика Маркази директори, Ўзбекистон Республикаси ФА вице-президенти, фан доктори, профессор И. Абдураҳмонов сазовор бўлган эди.   
Таъкидлаш керакки, 2016 йилда «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК томонидан XII халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси юқори савияда ўтказилиб, халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилгач, ана шундай кенг миқёсдаги халқаро форумни ўтказиш имконияти туғилди.
Бугунги кунда «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар Стратегиясидан келиб чиқиб, пахтачилик соҳасини ривожлантирши бўйича ўз олдига янги вазифа ва марраларни белгилаб олмоқда. Қайд этиб ўтилган Стратегиянинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар ишлаб чиқилган "Ўзбекистон Республикасида пахтачилик соҳасини ривожлантириш Концепцияси” доирасида олиб борилмоқда. Ҳужжатда 16 та базавий йўналишлар бўйича соҳа имкониятларининг тизимли кўрсаткичлари белгилаб берилган, унинг республика иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини ошириш, соҳа корхоналарини модернизация қилиш, илгари хориждан сотиб олинган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, шу мақсадда хориждий инвестицияларни кенг жалб этиш бўйича бажариладиган ишлар ва аниқ мақсадли вазифалар кўрсатиб ўтилган.   
Компания ташкил этилганидан бери ўтган қисқа вақт ичида республикамиз пахта соҳасини ривожлантиришда маълум ютуқларга эришилди. Жумладан, анъанавий сотув бозорларида ўзбек пахтасининг мавқеи мустаҳкамланди, шунингдек Покистон, Индонезия, Вьетнам каби янги бозорлар ўзлаштирилди. Холдинг компанияси халқаро пахта ассоциациясига, Бремен пахта биржасига, бошқа бир қатор пахта ассоциация ва биржаларига аъзо бўлди.  
Пахта хом ашёсини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, пахтага бирламчи ишлов бериш техника ва технологиясини оптималлаштириш бўйича амалга оширилган тадбирлар натижасида 2016 йилги мавсумда "Олий” ва "Яхши” синфидаги толанинг улуши умумий пахта толасининг 92,0 фоизини ташкил этди, бу эса аввалги йилдаги кўрсаткичдан 10 фоизга ортиқдир. Ишлаб чиқарилган барча толанинг 99 фоизи микронейр кўрсаткичининг 3,5-4,9 кўрсаткичи доирасида бўлиб, халқаро талабларга мос келади. Ишлаб чиқарилаётган тола узунлиги кўрсаткичлари ҳам яхшиланди. Жумладан, 37 кодли тола улуши 2016 йилги мавсумда 21 фоиздан 23 фоизга ўсди. 4 типдаги тола улуши эса 85 фоизни ташкил этди.
Ёғ-мой ишлаб чиқариш соҳасида техник қайта жиҳозлаш бўйича дастурларнинг, қайта ишлаш учун пахта чигитини навига қараб қабул қилишнинг дифференцияланган тизимининг жорий этилиши унинг сифатини яхшиланишига ҳамда олинаётган хом мой миқдори ошишига олиб келди. Пахтанинг техник уруғларининг сифати яхшиланиши ҳолати кузатилмоқда. Жумладан, 2016 йили ҳосил бўйича биринчи синфдаги биринчи навли сифатли уруғлар улуши 76,4 фоизни ташкил этиб, 2015 йилга солиштирганда салкам 10 фоизга ортди. Пахта ёғи сифати кескин ошиб, унинг ранги 5 қизил бирликкача ортди (жаҳон стандарти), қадоқланган ўсимлик ёғлари ишлаб чиқариш миқдори кўпайди. Мой чиқишининг 1,3 фоизга ортиши ҳисобига 10,0 млрд. сўм миқдорида қўшимча даромад олинди.
Холдинг компанияси томонидан ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий-ахборот технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. "Мониторинг марказлари”ни ташкил этиш ҳамда пахта чигити ва ёғли экинларни тайёрлаш, сочиш, уларни навлар бўйича жойлаштириш, режали агротехник операцияларни амалга ошириш бўйича жараёнларни ҳисобга олишни компьютерлаштиришнинг комплекс интеграцияланган ахборот тизимларини жорий этиш ишлари якунланди. Пахта ва ёғли экинлар етиштириш билан шуғулланадиган 50 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари кесимида ҳисоб олиб борилмоқда. Пахта толасини қайта ишлаш, уруғлик чигит етиштириш жараёнларининг мониторинги дастурлари жорий этилди. Улар молиявий ҳисоб ва ҳисоботни юритиш, ходимларни бошқариш, ишлаб чиқариш-технологик жараёнларни тезкор назорат қилиш имконини беради. "Он-лайн” режимида тезкор маълумотларни олиш учун ана шундай тизимлар пахта тозалаш корхоналари, ёғ-мой заводлари, шунингдек пахта терминалларида ҳам жорий этилди.       
2016 йилги ҳосилни йиғиб олиш мавсумидан бошлаб тайёрлов пунктларида пахта хом ашёсини қабул қилиш тартиби ўзгартирилди. Ахборот-коммуникация технологиялари афзалликларидан фойдаланиш фермерлардан пахта хом ашёсини ҳар бир алоҳида партия бўйича оғирлигини автоматик тарзда қайд этиш ва сифат кўрсаткичларини инструментал аниқлаш йўли билан қабул қилиш имконини яратди. Мажбурий тадбирлар реестрига пахта хом ашёсини махсус маркалаш ҳам киритилиб, унда пахта қўлда ёки машинада терилганлиги қайд этилади. Жаҳон пахта бозорида ўзбек пахта толасининг рақобатбардошлиги ва харидоргирлигини ошириш мақсадида Холдинг компанияси жаҳон банкининг халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда республикамизнинг Фарғона ва Жиззах вилоятларида «BCI» («Пахтани яхшилаш ташаббуси») принципларига асосланган ҳолда пахтачиликни барқарор ривожлантириш стандартини жорий этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Пахта толасини таснифлашнинг миллий тизимини такомиллаштира бориб, янги сифат ўлчовлари – пахта толасининг паст навлари учун синфлар (Учинчи «Олий», Тўртинчи «Олий», Бешинчи«Олий»/«Яхши») жорий этилди ҳамда пахта толаси бўйича янги стандарт қабул қилинди. Янги қоидалардаги ўзгаришлар халқаро талаб ва стандартларга уйғунлаштирилган, янги миллий стандартнинг қўлланилиши эса тўқимачилик саноатида эхтиёж катта бўлган юқори сифатли пахта толаси ҳажмини ошириш имкониятини берди. Фақат 2016 йил ҳосили натижалари бўйича янги таснифни жорий этишдан олинган иқтисодий самара 1,5 млрд.сўмдан ошиб кетди.   
Терминалларда қабул қилинаётган ва жўнатилаётган пахта толаси сифати ва миқдорини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида амалий чора-тадбирлар кўриш учун «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК таркибига кирувчи «Ўзпахтаэкспорт» АЖ тасарруфидаги ҳар бир терминалда энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган пахта толаси сифати ва миқдорини назорат қилиш лабораториялари ташкил этилган. Холдинг компания таркибига кирувчи бошқа бир тузилма - «Ўзпахтаёғ» АЖда техник уруғлар сифатини назорат қилиш билан шуғулланувчи «Сифат-чигит» маркази фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, у пахта тозалаш ва ёғ-мой корхоналарида пахта чигитини ишлаб чиқарилиши, сифати, сақланишии самарали ишлатилишини назорат қилиш, пахта ёғи сифатини баҳолаш ва яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш билан шуғулланади.    
Барча 98 та пахта тозалаш завобдари, 23 та ёғ-мой комбинатлари ва 21 та пахта терминалларида уларни капитал қайта таъмирлаш жараёнида янги авлод ускуналари комплексини ўзлаштириш ҳисобига модернизация ва реконструкция қилиш, техник қайта жиҳозлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнга Ўзбекистондаги етакчи илмий, академик, лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари ва машинасозлик-қурилиш корхоналари фаол жалб этилмоқда. 2017 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури асосида «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК бўйича жами 27, 2 млн.АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилишини назарда тутувчи 34 та лойиҳа, жумладан «Ўзпахтасаноат» АЖда пахтани қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилиш бўйича 17,1 млн. АҚШ долларига тенг 12 та, «Ўзпахтаёғ» АЖда 10,1 млн. АҚШ долларига тенг 22 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Пахтачилик соҳасига янги технологиялар, асбоб-ускуналар, лаборатория ускуналарини жорий этиш бўйича режалаштирилган тадбирларни амалга оширишда холдинг компнаиянинг илмий-методик бўлинмаси ҳисобланган «Пахтасаноат илмий маркази» АЖ тармоқ илмий марказининг ўрни ва роли катта. Яқин келажакда ишлаб чиқариш жараёнига Марказнинг хом ашё ва моддий-техника русурсларини максимал даражада тежаган ҳолда юқори рейтингга эга пахта маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган янги илмий ишланмаларини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Марказ томонидан амалга оширилаётган пахта тозалаш ва ёғ-мой ишлаб чиқариш тармоқлари ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ишлари ҳам ўзининг ижобий самараларини бериб келмоқда.   
«Ўзпахтасаноатэкспорт» ХКнинг стратегик вазифаси доимий равишда корхоналарни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, инфратузилмани тезкор ривожлантириш ва шу асосда ишлаб чиқарилаётган пахта маҳсулотлари сифатини оширишдан иборатдир.
"Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Матбуот хизмати





Ўхшаш янгиликлар