Ўзбекистонимиз ўзининг қадимий деҳқончилик мактаби ва анъаналарига эга, тупроқдан зар ундиришга қодир бўлган ҳақиқий миришкорлар юрти ҳисобланади. Қадимий манбаларга кўра, пахтачилик бизга милоддан аввалги 2000 йилларда кириб келган ва уни қайта ишлаш соҳаси ҳам деярли ўша вақтларда пайдо бўлган.
Пахтани қайта ишлаш – тозалаш, чигитдан ажратиш, тола ва момиқ олиш ишлари ҳам пахта экиш билан бир вақтда бошланиб, асрлар мобайнида, тахминан XIXаср охири – ХХ аср бошларигача энг оддий усулда, яъни чиғириқ, чарх, девчарх, йиг, савағич каби содда меҳнат қуролларида бажариб келинган.
Чор Россиясининг Ўрта Осиёни ўз мустамлакасига айлантиришдан кўзлаган асосий мақсади ҳам пахта етиштириш қулай бўлган майдонларни эгаллаш ва бу билан ўзининг тўқимачилик корхоналарини бу қимматли хомашё билан таъминлашдан иборат бўлган. Чор Россиясининг савдогар ва саноатчилари аввалига бозорлардан чиғириқдан чиқарилган пахта толасини сотиб олиш билан чекланган бўлса, кейинчалик соҳани ривожлантириш мақсадида улар томонидан Мексикадан тезпишар ўрта толали пахта навларини олиб келиниши пахтачилик билан шуғулланадиган йирик ширкатларнинг тузилишига, пахта тозалаш заводларининг қурилишига сабаб бўлди.
Туркистонда буғ машинаси ёрдамида ишлайдиган биринчи пахта тозалаш заводи 1874 йили Тошкентда қурилган. Бир неча йилдан кейин Андижон, Каттақўрғон, Самарқанд, Марғилон, Қўқон ва Наманганда шундай заводлар ишга туша бошлади. Бу корхоналарда деярли барча ишлар қўлда бажарилар эди.
Етиштирилган пахта ҳосилини деҳқонлардан сотиб олиш, уни заводларда қайта ишлаш ва толани пуллаш билан йирик фирмалар шуғулланар, улар ўзларининг комиссионер (тарозидор)лари орқали деҳқонга қарз бериб, келгуси пахта ҳосилидан кўриладиган катта фойда эвазига бўнак тарқатар, деҳқон эса ўзи етиштирган маҳсулотни фақат бўнак берган тарозидорга топширар, тарозидорлар эса Туркистонда етиштирилган пахтанинг тўртдан уч қисмини сотиб олишар эди. Шундай қилиб, ўзбек деҳқонлари Россиянинг судхўр савдогарлари капиталига қарам бўлиб қолган эди.
1913 йил Туркистонда 424,6 минг гектар майдонга пахта экилган ва учта деҳқончилик вилояти: Фарғона, Сирдарё ва Самарқандда 208 та камқувватли пахта заводи мавжуд бўлиб, уларда 8000 нафардан зиёд ишчи меҳнат қилган.
1918 йилга келиб пахта саноатини миллийлаштириш жараёнида 296 та пахта тозалаш заводидан 120 таси қисман механизациялаштирилган. Қолганлари эса қўл меҳнатига асосланган. Орадан уч йил ўтгач эса, турли сабабларга кўра, атиги 16 та пахта заводи қолган. Фаолияти тўхтатилган заводларнинг асбоб-ускуналари талон-тарож қилинган.
Ўша даврда Туркистонда пахтани қайта ишлайдиган корхоналар учун ускуналар ишлаб чиқариладиган машинасозлик заводи бўлмаган. Фақатгина 1927 йили Тошкентда биринчи машинасозлик заводи ишга туширилгач, пахта майдонлари ҳам бирмунча кенгайган. Ўша йиллари Ўзбекистон бўйича 543,2 минг гектарга пахта экилиб, ҳосилдорлик гектарига 10,52 центнерни ташкил қилган. Бу ҳосилни ўз вақтида сифатли қайта ишлаш учун юқори қувватли пахта заводлари зарур бўлган ва 1928 йилга келиб, Ўрта Осиёдаги  пахта тозалаш заводлари  сони 62 тага етган.
1940 йилда Ўзбекистонда тола ишлаб чиқариш 500 минг тоннага етган бўлса, Иккинчи жаҳон уруши йилларида гектаридан олинадиган ҳосил сезиларли даражада камайган, яъни 1943 йили бу кўрсаткич 8 центнердан ошмаган. 1958 йилда ишлаётган пахта тозалаш заводларининг қуввати 3,5 миллион тонна пахтани қайта ишлаш имконига эга бўлган. 1980 йилга келиб, ҳақиқий ишлаб чиқарилган тола миқдори 1745, 3 минг тоннани, жинлар сони эса 729 тани ташкил этган.
Кўриниб турибдики, мамлакатимизда пахтачилик ва уни қайта ишлаш тизими катта йўлни босиб ўтган. Лекин фақат Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин барча соҳаларда бўлгани каби пахта саноатида ҳам ҳақиқий ривожланиш даври бошланди.